legaldocs

Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида

Mundarija

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 июндаги 359-сон қарорига

1-ИЛОВА

.

Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

.

1-боб. Умумий қоидалар

1.Мазкур Низом Тошкент давлат юридик университетида (кейинги ўринларда — ТДЮУ) таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2.ТДЮУ ўқув жараёнида кредит-модуль тизими Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа модели (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS)га мувофиқ ташкил қилинади.

Агар ТДЮУ томонидан бошқа олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари доирасидаги шартномаларда ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, шартномада белгиланган қоидалар қўлланилади.

ТДЮУда ташкил қилинган хорижий тил ва ҳуқуқни ўрганиш марказларида талабалар томонидан ўрганилган модуллар ТДЮУ кенгаши томонидан ўзлаштирилган деб тан олиниши ҳамда кредит берилиши мумкин.

3.Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, жумладан, таълим дастури, фанлар каталоги, академик мобилликни таъминлаш, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар ҳамда дипломга илованинг шакллари, шунингдек, академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари ТДЮУ томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
4.Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

академик мобиллик ТДЮУ талабаларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки хорижий давлатдаги бошқа бир олий таълим ташкилотига ўқиш мақсадида бориши;

кредит — таълим олиш натижаларига кўра талаба томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги;

кредитларни кўчириш талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир олий таълим ташкилоти таълим дастури бўйича олинган кредитларни бошқа олий таълим ташкилотига кўчириш ва тан олиш;

кредит тўплаш таълим элементларини ўзлаштириш ва бошқа ютуқларга эришиш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини тўплаш;

мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ олий таълим ташкилоти ўртасида ўзаро таълим тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури;

олий таълим ташкилоти — белгиланган миқдордаги кредитларни тан олишни ҳисобга олган ҳолда, таълим ва малака тўғрисидаги ҳужжат берувчи ташкилот;

талабанинг шахсий таълим траекторияси талаба томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут). Таълим траекторияси институционал

ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижада бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;

таълим дастури бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув жараёнини амалга оширишга мўлжалланган таълимнинг асосий хусусиятлари (ҳажми, мазмуни, режалаштирилган натижалар), ташкилий-педагогик шарт-шароитлар, фан дастурларига қўйилган умумий талаблар, шунингдек, таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот-ресурс ва ўқув-методик кўрсатмалар мажмуи;

таълим дастури каталоги — олий таълим ташкилоти тавсифи, кредит-модуль тизимига кириш, мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, хизматлар ва ресурслар, ўқув фанлари дастурлари, аниқ таълим дастурлари элементлари тавсифи тўғрисидаги ахборот;

таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими — талабаларни рўйхатга олиш, ўқув материалларни тарқатиш, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, топшириқларни бериш, назоратлар ўтказиш, баҳолаш ва унинг натижаларини қайд этиш каби имкониятларга эга бўлган электрон тизим (махсус дастурий восита);

таълимнинг кредит-модуль тизими — таълим олувчига йўналтирилган, таълим олиш, таълим бериш ва таълим олувчилар билимини баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги тамойили асосида кредитларни йиғиш ва ўтказишдан иборат тизим;

таълим модули (модуль) бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, талабада билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи); таълим натижалари талаба томонидан ўзлаштирилган ва баҳо билан

тасдиқланган малака даражасини акс эттирадиган, таълим жараёнини тугатгач талаба ўзлаштирган кўникмалар ва уларни амалда бажариш қобилиятининг тавсифи;

таълим элементлари — таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи ўқитиш тури;

транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;

ўқиш юкламаси талаба томонидан ўқув фаолиятининг барча турлари маъруза, амалий машғулот, семинар, лаборатория иши, курс лойиҳаси (иши), амалиёт ва мустақил ишни амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган соатлар ҳажми;

рўйхатга олиш хизмати — таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиб профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар бўйича таълим жараёнига оид маълумотлар базасини шакллантиришни, шунингдек, талабаларнинг барча ўқув натижаларини рўйхатга олиш, билимини назорат қилиш ҳамда уларнинг академик рейтингини ҳисоблашнинг барча турларини ташкил этишни назарда тутувчи хизматлар;

GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:

.

K — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори; U — ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган балл.

Бунда, талаба фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.

5.ТДЮУда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

2-боб. Таълим дастури тузилмаси

6.Ўқув йили учун таълим дастури тузилмаси бир ёки бир нечта модуллардан иборат таълим элементларидан ташкил топган бўлиб, ТДЮУ кенгаши томонидан тасдиқланади. Таълим дастури таълим олиш натижаларига мос бўлган ва кредитларда ифодаланган ўқув машғулотлари, илмий лойиҳалар, мустақил таълим, амалиёт, стажировка, ижтимоий ва жамоат фаолияти ва бошқа таълим элементларидан иборат бўлиши мумкин.
7.Таълим дастури тузилмаси унинг ҳар бир таълим элементига мос келадиган таълим олиш натижаларини кўрсатган ҳолда, бир академик ўқув йилига 60 кредитга мос келишини ҳисобга олиб ишлаб чиқилади. Таълим дастурида кредитларнинг миқдори ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.
8.Талабаларнинг таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштиришлари ҳамда талаб қилинган малакага эга бўлишлари учун талаблар аниқ белгиланади. Ўзлаштириш қоидалари танланган таълим дастури бўйича ўқитишнинг турли босқичлари учун белгиланган кредитлар миқдорида ёки кредитлар оралиғида ифодаланиши мумкин.
9.Таълим дастурининг талабалар томонидан муваффақиятли бажарилишига ёрдам бериш учун ТДЮУнинг тегишли бўлинмалари ва ходимлари, шу жумладан, таълимнинг кредит тизимини бошқаришга масъул бўлими, тьютор томонидан маслаҳат ва тушунтиришлар бериб борилади. Маслаҳат доирасида талабаларга таълим олиш натижасида эришган ютуқлар ва тажрибани тан олиш имкониятлари тушунтирилади.
10.ТДЮУ таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда долзарб ахборотлар ТДЮУнинг расмий веб-сайтида таълим бериладиган барча тилларда (ўзбек, рус, инглиз ва б.) ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.
11.Таълим дастури ва унинг элементларини амалга оширишга масъул ўқитувчилар таълим дастурида кўрсатилган натижалар билан таълим бериш ҳамда баҳолаш жараёнлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлашлари лозим.

3-боб. Ўқув юкламаларини ҳисоблаш. Ўқув жараёнини режалаштириш, мониторинг ва таълим сифатини таъминлаш

12.Ўқув жараёни ўқув ва назорат тадбирлари мажмуини ўз ичига олади. Ўқув тадбирларида барча турдаги аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши назарда тутилади. Назорат тадбирлари таълим олувчиларнинг ўқув режасидаги тегишли фанлар бўйича билимларни ўзлаштиришини ва уларнинг натижаларини баҳолашни назарда тутади.
13.Ўқув жараёни талабалар, профессор-ўқитувчилар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида талабага йўналтирилган ёндашув асосида режалаштирилади. Ушбу жараёнда талабаларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор

томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилишининг конструктив муҳокамасига жалб этилиши мумкин. Бундай муҳокамаларда талабалар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этишлари мумкин.

14.Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади: таълим дастури каталоги ва ўқув режасини ишлаб чиқиш;

фанларнинг дастурларини (силлабусни) ишлаб чиқиш;

ўқув режаси ва танлов фанлари рўйхатига мос равишда тьютор ёрдами ва факультет декани томонидан йўналиш бериш орқали талабаларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;

ўқув жараёни жадвалини тузиш;

академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.

Ўқув режасига талабалар томонидан ихтиёрий равишда ўзлаштириладиган қўшимча кредитлар ажратиладиган таълим элементлари киритилади. Талабанинг жамоат ишларидаги, илмий тўгараклар, юридик клиникалар фаолиятидаги иштироки ҳамда хорижий мутахассислар томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли курслардаги иштироки рағбатлантирилиб, кредитлар ажратилади.

Талаба ўқув юкламасидан ташқари ўз ихтиёрига кўра рўйхати тақдим этиладиган қўшимча фанларни (модулларни) ёки бошқа факультет ва таълим йўналиши ўқув режасининг танлов фанларида мавжуд фанлар рўйхатидан қўшимча фанни танлаб тўлов- контракт асосида ўқишига рухсат этилади. Бунда қўшимча ўзлаштирилган фанлар талаба ўқув юкламасига (кредитлар ҳажмига) қўшилади ҳамда диплом иловасида қайд этилади.

15.Семестр давомида талаба томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Мажбурий ва танлов фанлари таркиби ва уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади. Талабалар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов фанлари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин.

Бакалавриат (магистратура) талабаси ўқув режасида назарда тутилган давлат аттестациясини муваффақиятли топшириб, ўқув режасида белгиланган кредит миқдорини жамлаганда, бакалавр (магистр) даражасига эга бўлади.

16.Ўқув йили давомийлиги ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади.

Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25 — 30 соатлик ўқув юкламасига тенг. Яъни талаба муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур. Ўқув юкламаси бакалавриатда 40-50% аудитория соати, 50-60% мустақил иш соатига, магистратурада — 30-40% аудитория соати, 60-70% мустақил иш соатига бўлинади. Ўқув режасига мувофиқ амалиёт ва битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси учун ҳам кредитлар ажратилади. Кредитнинг соатлардаги миқдори ва ўқув юкламаси миқдори ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади ва ТДЮУ веб- саҳифасида шаффоф тарзда жойлаштирилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида талаба одатда бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши белгиланади. Семестр давомида талаба томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Талаба ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштиришни назарда тутиши, улар таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.

Талаба бакалавриатда ўқиш муддати камида 3 йил бўлганда 180 кредит, ўқиш муддати камида 4 йил бўлганда 240 кредит тўплаши зарур. Магистратурада ўқиш муддати камида 1 йил бўлганда 60 ёки 90 кредит, ўқиш муддати камида 2 йил бўлганда 120 кредит тўплаши талаб этилади.

17.Ўқув жараёнининг мониторинги таълим олишнинг белгиланган натижаларига эришиш, номинал меҳнат ҳажми ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги ва мослигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
18.Таълим сифати самарадорлиги ТДЮУ томонидан ишлаб чиқиладиган таълим дастурининг ваколатли ташкилотлар тавсифномалари ва талабларига мослигини таъминлаш билан белгиланади.

Таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида ТДЮУ кенгаши қарорига асосан талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида танланган профессор-ўқитувчининг машғулотида иштирок этиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.

19.Академик қарздор талабаларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш мақсадида ёзги семестр ТДЮУ томонидан таътил вақтида пулли асосда ташкил этилиши мумкин.

Ёзги семестрнинг давомийлиги академик тақвим асосида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ва курслар бўйича белгиланади.

Ёзги семестр қуйидаги регламент асосида ташкил қилинади:

талаба ёзги семестр бошлангунига қадар ТДЮУ ўқув-услубий бошқармасига ўзининг ёзги семестрда ўқиши истагини билдиради;

ТДЮУ ушбу талабаларга ёзги семестр учун дарс жадвалини тузади ва талаба тўлов пулини тўлаганидан сўнг дарсларга киритилади;

ёзги семестр амалдаги баҳолаш тизими асосида талабалар билимини шаффоф баҳолаш тамойилига кўра ташкил қилинади.

Ёзги семестрга жалб қилинган профессор-ўқитувчиларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.

20.ТДЮУда ўқув юкламалари ҳажми, ўқув машғулотлари соати (контакт ёки академик соат), бир кредитнинг жами соатлари ва уларнинг бўлиниши ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади.

4-боб. Академик мобиллик ва кредитларни тан олиш

21.Академик мобилликни таъминлаш ва талабанинг кредитлари олий таълим ташкилоти томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:

таълим дастури (фанлар) каталоги;

таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва сертификат.

Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва олий таълим ташкилотига кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказиш учун асос ҳисобланади.

22.Таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ ТДЮУ томонидан академик мобиллик доирасидаги талабанинг барча кредитлари таълим дастурини ўзлаштиришда талабага қўшимча топшириқларсиз ҳисобга олинади.
23.Талаба жўнатувчи олий таълим ташкилоти тавсиясига асосан қабул қилувчи олий таълим ташкилотига академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади. Жўнатувчи олий таълим ташкилоти томонидан талабага белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.
24.Талабанинг академик мобиллик даврида ўзлаштирилиши белгиланган таълим элементларини жўнатувчи олий таълим ташкилотининг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас. Хориждаги ҳамкор олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларида белгиланган таълим олиш натижалари жўнатувчи олий таълим ташкилотининг таълим дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим. Академик мобиллик вақтида академик йил кўрсаткичлари таҳлил қилинади ва ушбу Низомга асосан кредитлар тан олиниши белгиланади.
25.Қабул қилувчи олий таълим ташкилотида талаба томонидан ўзлаштириладиган ўқув элементларининг тўплами ва улар ТДЮУ таълим дастурига интеграция қилинганлиги таълим тўғрисидаги келишувда аниқ кўрсатилган бўлиши лозим. Қабул қилувчи олий таълим ташкилотида ўзлаштириладиган кредитлар миқдори хорижда ўқиш даврига (3 — 6 ой ёки 1 3 йил) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи олий таълим ташкилоти томонидан академик мобиллик даврида талабанинг ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлари тан олинади.

Талаба жўнатувчи олий таълим ташкилотига қайтиб келгач, академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланган тартиб-қоидалар асосида уни кейинги курсга ўтказиш ёки курсда қолдириш белгиланади.

26.ТДЮУ академик мобиллик дастури бўйича режалаштирилган таълим элементларини ўзлаштириш учун талабани белгиланган шакл асосида рўйхатдан ўтказади ва академик мобиллик даврида ушбу элементларни ўзлаштириш имкониятлари таъминланиши мажбуриятини олади.
27.Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувлар тузилиши зарур ҳисобланмайди.
28.Таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичлар ТДЮУ баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвали асосида қабул қилинади.
29.Стажировкани ўташ бўйича келишув талаба, жўнатувчи ва қабул қилувчи ташкилот томонидан уч томонлама имзоланади.
30.Стажировка давомида талаба томонидан ўзлаштирилган билимларнинг ошкоралигини таъминлаш ва уларни тасдиқлаш мақсадида қабул қилувчи ташкилот томонидан стажировкани ўтаганлик тўғрисида сертификат берилади.

5-боб. Баҳолаш, баҳоларни конвертация қилиш

31.Талабалар таълим дастури доирасида ўқитиш шаклидан қатъи назар, белгиланган тартибдаги баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
32.Фан дастурида (силлабусда) белгиланган баҳолаш тартиби ҳамда ижобий баҳолар доирасида баҳоланган талабаларга кредитлар берилади. Талаба белгиланган таълим олиш натижаларига эриша олмаган тақдирда, кредитлар берилмайди.
33.Баҳолаш усуллари фан ёки модуль доирасидаги талабанинг ютуқларини акс эттирувчи ва тасдиқловчи ёзма, оғзаки, амалий иш, лойиҳа, портфолио ва назоратлар каби турларни ўз ичига қамраб олади. Баҳолаш мезони таълим олиш натижасига эришилганлигини акс эттириши шарт.
34.Кредитларни кўчириш ТДЮУда баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвалини бошқа олий таълим ташкилотида тузилган шунга ўхшаш жадвал билан солиштириш асосида амалга оширилади.

6-боб. Кредит-модуль тизимида талабаларни рўйхатга олиш

35.Рўйхатга олиш хизмати таълим ва талабалар билимини баҳолаш жараёнларини алоҳида юритиш, талабалар ҳақидаги академик маълумотларни электрон тарзда автоматик бошқариш ҳамда якуний назоратларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
36.Рўйхатга олиш хизмати талабага танлаган мутахассислиги бўйича юқори даражадаги билим, кўникма ва малакаларга эришишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, у қуйидаги функцияларни қамраб олади:

ўқув жараёни жадвалини тузиш ва бажарилишини назорат қилиш; талабаларнинг фанларга рўйхатдан ўтишини назорат қилиш;

факультетлар билан ҳамкорликда академик гуруҳларни шакллантириш;

оралиқ, якуний баҳолашлар ва якуний давлат аттестациясининг ўтказилишини назорат қилиш;

таълим олаётган талабаларнинг баҳоларга оид маълумотларини архивга қадар

сақлаш;

транскрипт формаларини шакллантириш ва талабаларнинг маълумотларини

киритиш;

талабалар контингенти бўйича статистикани юритиш.

37.Рўйхатга олиш хизмати функциялари ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси томонидан амалга оширилади.
38.ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали факультетлар томонидан талабаларнинг фанларга рўйхатдан ўтказилишини ва талабанинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш жараёнини мувофиқлаштиради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси улар томонидан мустақил равишда тьютор ёрдамида ўқув режаси ва танлов фанлари каталоги асосида тегишли ўқиш даври учун тузилади. Талабанинг таълим траекторияси таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фанларни танлаш орқали автоматик равишда шаклланади. Шахсий таълим траекториясига ҳар ўқув йилидан олдин ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
39.Талабаларнинг шахсий таълим траекторияси асосида ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси факультетлар билан ҳамкорликда академик гуруҳларни шакллантиради ва бирон-бир фанга ёзилиш етарли бўлмаган тақдирда, шахсий таълим траекториясини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида талабаларга хабар беради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси шакллантириб бўлингандан сўнг, дарс жадвали тузилади.
40.ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси ҳар бир талабани рўйхатдан ўтказиш санаси ва вақтини белгилайди (одатда, талаба томонидан етарли GPA кўрсаткичларининг тўпланганлиги ва контракт тўловлари амалга оширилганлигига қараб). Биринчи курс талабаларини рўйхатдан ўтказиш улар билан академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин бошланади.
41.Талабалар танлаган фанларини ҳар семестрнинг дастлабки биринчи ҳафтаси ичида ўзгартириши мумкин.
42.Биринчи курс талабаларини рўйхатга олиш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:

тьютор ТДЮУ ўқув-услубий бошқармасидан бириктирилган гуруҳ талабаларининг логин ва паролларини олади, талабага таълим жараёнини тушунтиради, таълим дастури билан таништиради, логин ва пароль беради ҳамда талаба порталидан фойдаланишни ўргатади;

талаба профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказиладиган фанлар бўйича таништирув тақдимотларига қатнашади, мажбурий ва танлов фанлари билан танишади ва таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидаги талаба портали орқали фанларга рўйхатдан ўтади;

талаба таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидаги портали орқали дарс жадвалини аниқлайди ва дарсларга қатнашади.

7-боб. Талабаларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан-курсга ўтказиш механизмлари

43.Талабалар ТДЮУдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилади: ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг бошқа олий таълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;

ўқув интизомини ва ТДЮУ томонидан ўрнатилган ички тартиб-қоидаларни мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;

шартнома асосида ўқиётган таълим олувчилар шартнома билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганлиги учун;

суд томонидан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганлиги сабабли;

суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);

таълим дастурини белгиланган муддатда ўзлаштирмаган тақдирда; вафот этганлиги сабабли.

Четлаштирилган талабага белгиланган шаклдаги таълим тўғрисидаги маълумотнома берилади.

44.Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.

Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов- контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.

ТДЮУ кенгаши қарори билан аудитория соатини сабабсиз қолдириш фоизи қисқартирилиши ва академик қарздорликни бир марта бепул топширишга рухсат берилиши мумкин.

45.Таълим олувчини курсдан курсга ўтказиш унинг GPA ёки кредитлар миқдори қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. ТДЮУ талабаларни курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичи ёки кредитлар миқдорини мустақил белгилайди.

GPA ўтиш баллини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди.

Курсдан курсга қолган талабалар фақат қарздор бўлган фанларни қуйи курслар билан бирга ёки мустақил ўзлаштириб, уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди.

Талаба кредитларни топшириш вақтида ўзлаштирмаган фанни ўқув режасидан чиқиб кетганлиги сабабли, қуйи курсларда ўқитилмайдиган бўлса, факультет декани

тавсиясига биноан ТДЮУ ўқув ишлари бўйича проректори томонидан ихтисослигига кўра мазмуни яқин бўлган бошқа фанни ўзлаштиришга рухсат берилиши мумкин.

Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди.

46.Таълим олувчи қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишини қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга. Таълим олувчи томонидан четлаштирилгунга қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори ТДЮУ томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.

Таълим олувчининг тегишли даврда ўзлаштирган фанлари кредитларда ифодаланмаган тақдирда, мазкур фанлар бир семестр учун 30 кредит ҳажмида белгиланади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

47.ТДЮУда таълим олишнинг тўлов қиймати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади.
48.Ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми ТДЮУ штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.

Штат бирликлари профессор-ўқитувчиларнинг талабалар сонига нисбати бўйича, ойлик маоши эса тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади ҳамда иш ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш табель асосида амалга оширилади.

49.Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати ТДЮУ томонидан бутун ўқув йилининг стипендиясиз контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми ТДЮУ томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган стипендиясиз контракт суммасини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.
50.Талаба ТДЮУ таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган тақдирда, унга академик даражасини тасдиқлайдиган диплом ва диплом иловаси берилади.